(71) 202-99-11 | info@alcotobacco.uz

Ўзбекистон Республикаси Президенти Фарғона вилоятига ташрифи

Янгиликлар Ўзбекистон Республикаси Президенти Фарғона вилоятига ташрифи

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев 4 февраль куни Фарғона вилоятига келди.

Юрт раҳбари ташрифининг биринчи манзили Олтиариқ туманидаги “Файзли боғлар сари” узумчилик кооперацияси бўлди.

Олтиариқ тумани аҳолиси ўзининг меҳнатсеварлиги ва деҳқончилик борасида кенг тажрибаси билан барчамизга маълумдир. Бугунги кунда Олтиариқ деҳқонлари нафақат етиштирган узумлари билан халқимиз дастурхонини тўкин қилмоқда, балки юртбошимиз айтгандек, ҳар қарич ердан унумли фойдаланиш мақсадида, ток қаторлари орасига помидор, бодринг, кўкатлар қалампир ва бошқа сабзавот эканлари билан бир қаторда қовун ва тарвуз етиштиришларини кўриб, тасанно айтмасликнинг иложи йўқ. “Файзли боғлар сари” узумчилик кооперацияси ер майдонида асосан, “Ҳусайни”, “Келин бармоқ” ҳамда “Ризамат” навли узум кўчатлари экилган ва замонавий томчилатиб суғориш жорий қилинган.

Энг муҳими бу майдон 51 нафар ёшга, жумладан, хориждан қайтиб келган муҳожирларга ажратиб берилган. Улар плёнка остига сабзавотлар экиб, тўрт маротабагача ҳосил олишлари мумкин.

- Ҳар бир ёш ота-онаси қандай қайғурса, мен ҳам шундай қайғураман,-деди Шавкат Мирзиёев улар билан бўлиб ўтган суҳбатда. - Ёшларни иш билан таъминлаш учун катта имкониятларимиздан бири ҳозирча шу. Ҳаётда ўрнини топган инсонда ўзига ишонч, интилиш пайдо бўлади. Бугун ёшларга даромад манбаи яратиб, иш ўргатиб, тетапоя қилсак, 2-3 йилдан кейин ҳеч кимга қарам бўлмайди, банкда ҳисоб рақами бўлади, уй олади, яхши яшайди, болаларини яхши тарбиялайди.

Президент ёшларга ўқиб-ўрганиб, ўз устларида ишлашга ва турмуш даражаларини яхшилаш борасида маслаҳатлар берди.

- Ҳаёт-кураш, рақобат. Бу курашда ким кучли бўлади? Ақлли, билимли, меҳнат қилган. Бугун ёшлар давлатимизнинг эътиборини ҳис этиши, кўп ўқиб кун сари билимини ошириб, ривожланишда давом этиши керак,-деди давлатимиз раҳбари.

Фарғона вилоятида ер ажратиб бериш орқали 200 нафар ёшларнинг бандлигини таъминлаш борасида кўрсатмалар берилди.

“Файзли боғлар сари” узумчилик кооперациясининг умумий ер майдони қарийб, 130 гектардан иборат. Шундан 40 гектар майдонда токзор, 90 гектарда интенсив боғ барпо этилган. 2 минг тонна сиғимли музлаткичли омбор ва юк машиналари бор. Етиштирилган маҳсулотларнинг катта қисмини экспорт қилиш режалаштирилган.

Агентлик матбуот хизмати,
04.02.2021 й.