(71) 202-99-11 | info@alcotobacco.uz

Бухоро вилояти Олот тумани меҳнаткаш халқи томонидан янги усул

Янгиликлар Бухоро вилояти Олот тумани меҳнаткаш халқи томонидан янги усул

Бугун Бухоро вилоятининг Олот туманида фойдаланишга яроқли бўлган жами 16 минг 300 гектар ер мавжуд. Ушбу унумдор ерлардан фойдаланиш учун деҳқонлар ва аҳолидан табиатнинг ўзига хос инжиқликлари, яъни шўрланган ерларни сабр ва матонат билан ювиш талаб этилади.

Шўрланган ерларни ювиш усули бир кўришда оддий аммо жуда мураккаб жараёндир. Исталган экин экиш ишларини амалга оширишдан олдин ушбу далалар сув билан 3 бора тўйинтирилади. Ер юзасидаги тузлар токи ер қатига сингмагунча бу усул такрорланади. Бобо деҳқонлар ва аҳолининг таъкидлашича уч бора белгиланган тартибда ва усулда амалга оширилгандан сўнг ушбу ерлар экишга тайёр деб ҳисобланади.

Олотнинг меҳнаткаш халқи бу сингари мушкул вазифани ҳам сидқидилдан адо этиб, халқимиз дастурхонига ноз-теъматлар ва оқ олтин етказиб бермоқда. Яқиндагина Юртбошимизнинг яна бир бор Олот туманига қилган ташрифлари аҳоли кўнглини тоғдек кўтариб, шижоатига шижоат қўшди десак муболаға бўлмайди. Хусусан, бугунги кунда жорий йил учун ушбу туманнинг 485 гектар ерларига узумзорлар ташкил этиш режалаштирилган. Ушбу ташриф давомидаги таклиф ва кўрсатмаларга биноан, ташаббускор фермерлар ва эҳтиёжманд оилалар ва ёшлар учун мазаси тил ёрар узумлари билан донг таратган Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманидан 100 минг дона узум кўчатлари Олот туманига олиб келинди. Ушбу кўчатларнинг 50 минг донаси кам таъминланган оилаларга, ёшларга бўлиб берилган бўлса, қолган тенг ярми ташаббускор фермерлар учун ажратилди.

Агентлик томонидан Қора кишмиш, Шохона, Қора келин бармоқ, Хусайни, Ризамат ва Тоифи сингари узум навлари тумандаги 15 та фермер хўжалигига ва туман йўл ёқасида жойлашган аҳоли томорқаларига (38 та МФЙ) кам таъминланган оилаларга беғараз етказиб берилди.

Агентлик матбуот хизмати,
04.02.2021 й.