(71) 202-99-11 | info@alcotobacco.uz

“Осиё” массивида янгидан токзорлар барпо этилиши режалаштирилган

Янгиликлар “Осиё” массивида янгидан токзорлар барпо этилиши режалаштирилган

Бухоро вилоятининг Шофиркон туманида янги токзорлар барпо қилиб, ундан юқори даромад олишда замонавий усуллардан фойдаланиш, янги узумзорларни барпо қилиш борасида “Осиё” массивида янги лойиҳа амалга оширилиш арафасида. “Нурли боғ - 2020” масъулияти чекланган жамиятида республика Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш ҳамда виночиликни ривожлантириш агентлиги раҳбари Р.Бобоев, мазкур агентликнинг бўлим бошлиғи Ж.Аҳмеджонов, “Ифода Агро Кимё Ҳимоя” МЧЖ агроном консультанти З.Ширинов ҳамда туман ҳокимининг қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари У.Ғаффоров, кластер, деҳқон ва фермер хўжаликлари мутасаддилари, ҳудуд раҳбарлари иштирокида бўлиб ўтган кўргазмали семинарда ток кўчатларини экиш технологияси, парвариши, зараркунандаларга қарши кураш усуллари хусусида батафсил маълумот берилди.

Таъкидланишича, “Осиё” массивида 11 минг 500 гектардан иборат фойдаланишдан чиққан майдонлар ҳамда чўл ва яйловлар ҳисобидан бу ҳудудда янгидан токзорлар бунёд этилади. Бунинг учун тупроқ-иқлим шароитига мос нав тўғри танланиб жойлаштирилса, тупроққа ишлов ва ўсимликнинг парвариши билан боғлиқ агротехникаси ўз вақтида сифатли олиб борилса, узумчилик юқори рентабелли ҳамда иқтисодий кўрсаткичлари юксак тармоққа айланишига эришилади.

Семинарда сўзга чиққанлар токзорлар барпо этган ва томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилган тадбиркорларга субсидиялар ажратилиши, узумдан олинадиган маҳсулотлар турлари, фойдали жиҳатлари хусусида ҳам батафсил маълумот бердилар.

Билдирилган таклиф ва фикрлар юзасидан чора-тадбирлар белгилаб олиниб, бу бўйича мутасаддилар зиммасига бир қанча вазифалар юклатилди.

Агентлик матбуот хизмати,
27.01.2021 й.